Бугун Ўзбекистонда 22 та хорижий олий ўқув юрти билан ҳамкорликда тиббиёт кадрлари тайёрланмоқда. Россиянинг Санкт-Петербург давлат педиатрия тиббиёт университети — шулардан бири.
Эътиборли жиҳати, ҳозир қўшма таълим дастурларига мувофиқ, ушбу нуфузли муассасада тиббиётнинг қатор йўналишлари бўйича 300 нафарга яқин ўзбекистонлик талаба таҳсил олмоқда.
Соғлиқни сақлаш вазири Амрилло Иноятов Санкт-Петербург шаҳрида бўлиб ўтган “Соғлом жамият” форумидаги иштирокидан сўнг ана шу умидли ёшларимиз ҳузурига бориб, улар билан мулоқот қилди.
Учрашувда вазир ёшларнинг фикр-мулоҳаза ва таклифларига қулоқ тутди. Уларни қизиқтираётган саволларга жавоб берди, муаммоли масалалар ечими юзасидан ўз хулосаларини айтди.
— Сизлардан давлатимиз ва халқимизнинг умиди катта, — деди А. Иноятов. — Келгусида юртимиз тиббиёт муассасалалари фаолиятини трансформация қилишда сиз каби салоҳиятли мутахассисларга суянамиз. Илғор диагностика ва даволаш усуллари, инновацион ёндашувларни Ватанимизда янада кенг татбиқ этишингизга ишончим комил.
Мулоқотдан сўнг вазир бошчилигидаги делегация бу ерда ўзбекистонлик талабаларнинг ўқиш ва яшаш шароитлари билан яқиндан танишди.
Cоғлиқни сақлаш вазирлиги
Матбуот хизмати.