Янгиликлар

70
Распечатать
17 Сен 2023

ССВ: Ҳудудларда илк бор чуқур жойлашган бош мия ўсмаларини микроскоп орқали олиб ташлаш йўлга қўйилди

Сўнгги йилларда юртимиз тиббиёти, жумладан, нейрохирургия соҳаси жадал ривожланиб бормоқда.

Айниқса, ушбу хизматнинг вилоятларда вертикал тизимининг йўлга қўйилиши, жойларда юқори технологик жарроҳлик амалиётларининг ўтказилиши ва тиббиёт муассасалари энг замонавий асбоб-ускуналар билан жиҳозланиши аҳолига мазкур йўналишда юқори малакали тиббий ёрдам кўрсатилишига замин яратмоқда.

Қолаверса, бугунги кунда ёш нейрохирургларнинг хорижда малака ошириши фаол қўллаб-қувватланяпти. Бу эса уларга замонавий билим ва кўникмаларга эга бўлиб, кейинчалик ўз тажрибаларини мамлакатимиз тиббиётига татбиқ этиш ва касбий маҳоратини оширишга хизмат қилаётир.

2023 йил марказ амалиётига 3 турдаги, вилоят даражасида 11 турдаги янги жарроҳлик ва диагностика усуллари татбиқ қилинди, — дейди Республика ихтисослаштирилган нейрохирургия илмий-амалий тиббиёт маркази директори Ғайрат Кариев.

Мисол учун, ҳудудларда илк бор краниоцервикал ўтишнинг декомпрессияси, чуқур жойлашган бош мия ўсмаларини микроскоп ёрдамида олиб ташлаш, умуртқа поғонаси жароҳатида янги стабилизация воситаларини қўллаш, умуртқа олди пластиналарини ўрнатиш усуллари, болаларда мияда сув йиғилишини бартараф этиш каби юқори технологияли жарроҳлик амалиётлари йўлга қўйилди.

2022 йил марказнинг 5 нафар мутахассиси хорижда юқори технологик амалиётлар учун қайта тайёрланган бўлса, жорий йилнинг биринчи ярмида дунёнинг етакчи клиникаларида 10 нафар ўзбек шифокори ўз касбий маҳоратини ошириб қайтди. Қолаверса, бу йил кўплаб хорижлик нейрохирурглар юртимизга ташриф буюриб, маҳаллий мутахассислар билан биргаликда операциялар ва маҳорат дарсларида иштирок этди.

Айтиш лозим, сўнгги йилларда марказда бажарилаётган жарроҳлик амалиётлари сони ортиб, 2021 йилда 11 460 та, 2022 йилда 12 277 тани ташкил этди. Бундан ташқари, охирги 5-6 йил ичида 9 та янги жарроҳлик операциялари ўзлаштирилди.

Эпилепсия, бош мия фалажи, инсультни олдини олиш ва ўткир даврида даволаш, болаларда ретинобластома каби онкологик касаллигини қон томир орқали химиотерапия қилиш, бош мия ўсмаларини беморларни уйғоқ ҳолатида ўтказиш каби мураккаб операциялар шулар жумласидан.

Бу эса юртимизда нейрохирургия ёрдами сифатининг сезиларли даражада яхшиланишига хизмат қилаётир.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Матбуот хизмати.

70
Распечатать
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech