Республика ихтисослаштирилган кўз микрохирургияси илмий-амалий тиббиёт маркази — мамлакатимиз офтальмологиясининг етакчи муассасаси.
— 2018-2022 йилларда марказ 4,5 млн АҚШ доллари қийматидаги 145 та юқори технологик тиббий ускуналар билан таъминланди, — дейди муассаса директори Азамат Юсупов. — Юртимизда жами 49 турдаги офтальмологик касалликларни даволаш бўйича 172 турдаги тиббий хизматлар кўрсатишга эришилди.
Ўтган давр мобайнида марказнинг деярли барча филиалларида катаракта факоэмульсификация, кўз олмасининг олди ва орқа қисмидаги барча турдаги лазер жарроҳлик усуллари, оптик когерент томография (ОКТ), ультратовушли биомикроскопия (УБМ) диагностика усуллари кенг татбиқ қилинди.
Бунинг натижасида ўтказилган юқори технологик жарроҳлик амалиётлар сони авваллари йилига 10 000 га етмаган бўлса, 2022 йилда 16 000 дан ортиқ операция бажарилди.
Самарқанд, Қорақалпоғистон Республикаси ва Бухоро филиалларида илк бор кератопластика ва витреоретинал жарроҳлик усуллари амалиётга жорий этилди.
2023 йил август ойида Навоий вилояти филиалида илк бор кўз олмасининг олди ва орқа қисмидаги лазер жарроҳлик усуллари ва асоратли катаракта сунъий кўз гавҳарини кўз склерасига тикиш амалиёти бажарилди.
Марказда республикада ягона бўлган диагностика ва даволаш сифатини назорат қилиш гуруҳи (даволаш назорати гуруҳи) ташкил этилган бўлиб, беморларга кўрсатилган тиббий ёрдам сифатини баҳолайди.
2018-2022 йилларда марказ мутахассисларининг 50 нафари Франция, Туркия, Арманистон, Австрия, Қозоғистон, Латвия, Корея, Россия, Беларусь каби давлатларда малака оширди.
Шунингдек, Россия, Туркия, Исроил, Ҳиндистон, Хитой каби мамлакатлардан келган 20 нафарга яқин мутахассислар иштирокида 1000 дан ортиқ мураккаб жарроҳлик амалиётлари ўтказилди.
Президентимиз таклифига биноан, юртимизда ишлаб чиқарилган “Isuzu” русумидаги автобусларда 13 дона мобил поликлиника ташкил этилди ва 5 хил замонавий офтальмологик ускуналар билан жиҳозланди.
Улар ёрдамида ҳудудий соғлиқни сақлаш бошқармалари томонидан режа асосида ҳар ҳафта эҳтиёжга қараб маҳаллий мутахассислар шаҳар ва туманларда, ишлаб чиқариш корхоналарида аҳолини тиббий кўрикдан ўтказмоқда.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Матбуот хизмати.