Янгиликлар

207
Распечатать
24 Мар 2023

ССВ: Амрилло Иноятов Россиядаги нуфузли форумда маъруза қилди

Санкт-Петербург шаҳри икки кун давомида нуфузли анжуман — “Соғлом жамият” форумига мезбонлик қилди. Россия Федерацияси соғлиқни сақлаш вазирлиги, “Росконгресс” жамғармаси ва бошқа ҳамкор ташкилотлар томонидан ўтказилган бу тадбир аввалгиларидан бутунлай фарқ қилди.

Форум муносабати билан муҳташам Таврический саройида 15 давлат ва Россиянинг 53 худудидан жами 600 нафар иштирокчи жам бўлди. Улар орасида йирик тиббиёт ташкилотлари, суғурта жамғармалари, нуфузли олий ўқув юртлари ва илмий-тадқиқот марказлари раҳбарлари, таниқли олимлар ҳамда шифокорлар бор.

Асосий янгилик бу йил илк бор ушбу нуфузли тадбирга Ҳамдўстлик давлатлари соғлиқни сақлаш вазирларининг таклиф этилиши бўлди. Шу тариқа Ўзбекистон, Озарбайжон, Арманистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Беларусь, шунингдек, Сербиядан 8 та хорижий расмий делегация ташриф буюрди.

Анжуман аввалида Россия Федерацияси Президентининг қатнашчиларга йўллаган табриги ўқиб эшиттирилди.

Шунингдек, ушбу давлат соғлиқни сақлаш вазири Михаил Мурашко мазкур форум МДҲ мамлакатлари ўртасида тиббиёт бўйича тажриба алмашиш, илмий тадқиқот ишларини кенгайтиришга хизмат қилишини таъкидлади.

Тадбирда Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазири Амрилло Иноятов сўзга чиқиб, мамлакатимизда тиббиётни халққа яқинлаштириш йўлида олиб борилаётган ишлар, йўлга қўйилган янги диагностика ва даволаш усуллари, ўтказилган ноёб операциялар ҳақида маъруза қилди.

Ўз навбатида, кенг қамровли ҳамкорлик соҳадаги муаммоли масалаларнинг инновацион ечимини топишда қўл келишини қайд этди.

Вазир сўзи якунида йиғилганларни жорий йил юртимизда ўтказилиши режалаштирилаётган “Ўзбекистон-Россия” тиббиёт форумига таклиф қилди.

“Соғлом жамият” анжуманида дори воситалари хавфсизлигини таъминлаш, касалликларнинг олдини олиш, бирламчи тиббий ёрдамни модернизация қилиш, юқумли ва юқумли бўлмаган хасталикларга қарши кураш стратегиялари ҳақида ҳам сўз юритилди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Матбуот хизмати.

207
Распечатать
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech