Вазирлар Маҳкамаси қарор ва фармойишлари

453
Распечатать
26 Сен 2021

РЕСПУБЛИКА ХИРУРГИК АНГИОНЕВРОЛОГИЯ ИХТИСОСЛАШТИРИЛГАН МАРКАЗИ ФАОЛИЯТИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ ТЎҒРИСИДА

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг

қарори

Республика хирургик ангионеврология ихтисослаштирилган маркази фаолиятини ташкил этиш тўғрисида

Сурункали мия қон-томир етишмовчилиги билан боғлиқ касалликларнинг олдини олиш ва даволашнинг самарали тизимини ташкил этиш, уйқу артерия стенозига чалинган беморларни хирургик даволашнинг замонавий усулларини жорий этиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

  1. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Иқтисодиёт вазирлигининг Тошкент тиббиёт академияси 2-клиникасининг ангионеврология бўлими негизида Республика хирургик ангионеврология ихтисослаштирилган марказини (кейинги ўринларда Марказ деб аталади) ташкил этиш, унинг беморлар ўрин фондини 40 ўрингача етказиш, шу жумладан 20 та ўрин пулли асосда тиббий хизматлар кўрсатишдан тушадиган бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобига таъминланиши ҳақидаги таклифи қабул қилинсин.

Белгилансинки, Марказ давлат муассасаси шаклидаги юридик шахс ҳисобланади, ўз муҳрига, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Ғазначилигида ғазначилик ҳисоб рақамларига эгадир.

  1. Қуйидагилар Марказнинг асосий вазифалари этиб белгилансин:

ангионеврология соҳасида мувофиқлаштириш маркази функцияларини амалга ошириш, мия қон-томир етишмовчилиги касалликлари профилактикаси, диагностикаси ва уларни даволашнинг замонавий усулларини энг аввало ҳудудий тиббиёт муассасалари амалиётига жорий этиш бўйича методик раҳбарликнинг самарали вертикалини шакллантириш;

малакали ангионевролог мутахассисларни тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш ишларини мувофиқлаштириш, ҳудудий тиббиёт муассасаларида маҳорат дарслари ҳамда кўргазмали операциялар, таълим берувчи маърузалар ва семинарлар ташкил этиш;

мия қон-томир етишмовчилиги билан боғлиқ касалликлар соҳасида илмий тадқиқотлар олиб бориш;

мия қон-томир етишмовчилиги касалликларини даволашнинг замонавий усулларини жорий этиш йўли билан уйқу ва юракнинг қон томирлари артериялари шикастланишига чалинган беморларни даволаш;

сурункали мия қон-томир етишмовчилиги касаллигига чалиниш билан боғлиқ ҳолатларни доимий равишда таҳлил қилган ҳолда Ўзбекистон Республикасида инсульт касаллиги миллий регистрини ишлаб чиқиш.

  1. Белгилансинки:

Олдинги таҳрирга қаранг.

«Соғлиқни сақлаш» тармоғига ажратиладиган бюджет маблағлари, Давлат илмий дастурларини амалга ошириш доирасидаги грантлар маблағлари, пулли хизматлар кўрсатишдан тушадиган бюджетдан ташқари маблағлар ва қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар Марказ фаолиятини молиялаштириш манбалари ҳисобланади;

(3-банднинг иккинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 27 августдаги 545-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 28.08.2021 й., 09/21/545/0832-сон)

Марказнинг Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобига молиялаштириладиган беморлар ўрин фонди Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобига молиялаштириладиган республика муассасаларининг беморлар ўрин фонди доирасида шакллантирилади.

  1. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги бир ой муддатда:

Марказнинг тузилмаси ва уставини тасдиқласин, унинг белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказилишини таъминласин, шунингдек Марказни амалий иш тажрибасига эга бўлган юқори малакали ташаббускор кадрлар билан бутласин;

Марказни Тошкент шаҳри, Олмазор тумани, Фаробий кўчаси, 2-уй манзили бўйича Тошкент тиббиёт академиясининг 2-килинкаси ҳудудида жойлаштириш тадбирлари амалга оширилишини таъминласин;

диагностика ва стационарда даволаниш учун Марказга йўлланма (ордер)ни биринчи навбатда олиш ҳуқуқини берувчи мия қон-томир етишмовчилигига чалинган беморлар тоифалари рўйхатини белгиланган тартибда ишлаб чиқсин ва тасдиқласин;

Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан биргаликда Магистратура олий таълим йўналишлари ва мутахассисликлари таснифлагичига «қон-томир хирургияси» мутахассислигини киритсин;

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳамда Меҳнат вазирлиги билан биргаликда Марказнинг штат нормативларини ишлаб чиқсин ва тасдиқласин.

  1. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг асосланган ҳисоб-китоблари бўйича Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети харажатлари параметрларида Марказни жорий таъминлаш ва тиббиёт ускуналари билан жиҳозлаш учун зарур бюджет маблағлари ажратилишини назарда тутсин.
  2. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Соғлиқни сақлаш, экология, атроф муҳитни муҳофаза қилиш, жисмоний тарбия ва спорт масалалари ахборот-таҳлил департаментига ва Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазири А.К. Шодмонов зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ

Тошкент ш.,

2017 йил 14 март,

136-сон

 


136
453
Распечатать
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech